Universiteti
ШАМСУТДИНОВ РУСТАМБЕК ТЕМИРОВИЧ - “ВОДИЙНОМА” (ТАРИХИЙ МЕРОС) ИЖТИМОИЙ-ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ ВА ОММАБОП ЖУРНАЛИ БОШ МУҲАРРИРИ
Шамсутдинов Рустамбек Темирович 1966 йилдан Андижон давлат университетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, факультет декани ўринбосари, декани, Ўзбекистон тарихи кафедраси мудири, ҳозирда профессор лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Номзодлик диссертациясини (1971), докторлик диссертациясини (1987) СССР Фанлар Академияси Тарих институтида ҳимоя қилган, 1988 йили 26 августдан фан доктори, 1991 йил 31 январдан профессор.
1993-1998, 2005 ва 2019 йилларда АндДУ ҳузуридаги тарих фанлари номзоди илмий даражаси берувчи ихтисослашган Кенгашга раислик қилган. 2021 йилдан бошлаб эса 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи ва 07.00.02 – Фан ва техника ихтисосликлари бўйича DSc илмий даражасини берувчи DSc.03/31.12.2020.Таr.60.01. рақамли Илмий кенгашга раислик қилиб келмоқда.
У Ўзбекистон Фанлар академияси “Қатағон қурбонлари хотираси” музейини ташкил этишда бевосита иштирок этган ва бу илмий-маърифий муассаса билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган шахсдир. 2001 йилдан ўзи таъсис этган “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедиция жамоат фонди раиси, 2016 йилда ташкил этган “Водийнома” (Тарихий мерос) ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали Бош муҳаррири. Журнал ОАК рўйхатига киритилган, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси грантига сазовор бўлди.
У 2017-2018 йилларга мўлжалланган “1937-1938 йилларда Ўзбекистондаги “катта қирғин” (Энциклопедия)” сини яратиш ва нашр этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси Грантининг соҳибларидан биридир.
Шамсутдинов Рустамбек Темирович Шамсутдинов Рустамбек Темирович мустақиллик йилларида Ўзбекистон тарихининг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борди. Унинг илмий йўналишларидан бири Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатларидир. Тадқиқот жараёнида Россия, Украина, Қозоғистон давлат, ҳарбий, хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари, собиқ КПСС Марказий комитети ҳузуридаги Марказий партия архиви, ҳозирги РГАСПИ (РИСТДА – Россия ижтимоий-сиёсий ташкилотлар давлат архиви), Ўзбекистон Президенти девони ҳузуридаги архив, республика давлат архиви, миллий хавфсизлик хизмати архиви, вилоятлар давлат архивида сақланаётган ҳужжат ва материалларни ўрганиш ва қатор илмий экспедициялар натижалари асосида кўплаб монографик тадқиқотлар, ҳужжат ва материаллар тўпламлари, республика ва хорижда илмий мақолалар эълон қилди.
Р.Шамсутдинов Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда 1929-1959 йилларда амалга оширилган коллективлаштириш, қулоқлаштириш, сургун қилиш ва уларнинг оқибатлари бўйича кўплаб йирик монографик тадқиқотлар тайёрлади.
Р.Шамсутдиновнинг илмий йўналишларидан бири қадимий ва ҳамиша навқирон Андижоннинг қадимги даврдан ҳозирги кунгача бўлган даври тарихидир. Бу мавзуда унинг бир қанча асарлари эълон қилинди.
Шунингдек, Р.Т.Шамсутдинов республика олий ўқув юртлари учун Ўзбекистон тарихидан қўлланма ва дарсликлар ёзиш ва нашр этиш борасида ҳам самарали иш олиб борди.
Олимнинг ўзи ташкил қилган, “Мерос” жамоат фонди ҳисобидан амалга оширган илмий экспедициялар натижасида Россиянинг деярли барча Марказий архивлари, шунингдек, Новосибирск, Ставрополь вилоятлари архивлари, Украинанинг Киев, Николаев, Херсон вилоят архивлари, Қозоғистоннинг Марказий архивлари ҳамда Қарағанда, Астана, Кўкчатов вилоятлари архивлари, Қирғизистоннинг Марказий ҳамда Жалолобод ва Ўш вилоятлари архивларидан Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган масалаларига оид ҳали илмий истеъмолга киритилмаган манбаларга эга бўлди. Уларни тўпламлар шаклида нашр этиб, илмий жамоатчиликка тақдим этди. Бу борада амалга оширилган охирги ишлар, хусусан, Бокуга қилинган илмий сафар давомида ўзбек деҳқонларининг Озарбайжонда пахтачиликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаларини ёритувчи ҳужжатлар, 1920 йилда Бокудаги Биринчи Шарқ халқлари съездининг бориши ва унда Ўрта Осиё вакиллари иштирокига доир кино ва фотоматериаллар, шунингдек, шоир Чўлпон ҳаёти ва фаолиятига доир янги фактик материаллар топиб, ҳозирда уларни илмий истеъмолга киритганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Унинг илмий раҳбарлигида 10 нафар фанлар номзоди ва 2 нафар фан доктори тайёрланди.
Р.Шамсутдинов Москва, Анқара, Оксфорд, Юрмала, Боку, Таллин, Львов, Душанбе, Бишкек, Алмати, Тошкент, Ўш, Самарқандда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманларда маърузалар билан чиқишлар қилган.
Р.Шамсутдинов илмий фаолиятининг яна бир муҳим қирраси юртимиз тарихига оид маълумотларни оммалаштиришда намоён бўлади. Олим илмий изланишлари натижаларини тезликда кенг оммага тақдим этиш, ўртоқлашишга интилади: республиканинг оммавий нашрлари (“Водийнома”, “Ўзбекистон тарихи”, “Мулоқот”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”)да илмий-оммабоп мақолалар билан қатнашади, радио ва телевидениеда чиқишлар қилади; вилоят матбуоти ва телевидениесида ҳам тарихий мавзудаги кўрсатувларда фаол қатнашади. Олимнинг тарих илмини оммалаштириш, ҳамюртларимизнинг тарихий билимларини юксалтириш, уларда ўз ўтмишига ҳурмат ва ундан фахрланиш туйғусини шакллантириш, тарихдан сабоқ олиш, ундан ибратланишга ўргатишдаги хизматлари ҳам таҳсинга лойиқдир.
Унинг илмий-педагогик ва ижтимоий-сиёсий фаолияти муносиб тақдирланган: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1991 йил), Шимолий Каролина (АҚШ), Кембридж (Буюк Британия) халқаро биографик Маркази аъзоси, Кембридж биографик Маркази Медали билан тақдирланган, шу Марказ чоп эттирган “Зафарли 500 киши” номли китобда унинг фаолияти ёритилган (1997 йил).
Шунингдек, Р.Т.Шамсутдинов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 29 август 2019 йилдаги фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Р.Шамсутдинов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, Андижон вилояти, Андижон шаҳри ҳокимликларининг бир неча Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
“ВОДИЙНОМА” (ТАРИХИЙ МЕРОС) ИЖТИМОИЙ-ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ ВА ОММАБОП ЖУРНАЛИ
“Водийнома” (тарихий мерос) ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигини томонидан 2018 йил 5 июнда №0975 рақам билан рўйхатдан ўтган.
“Водийнома” (тарихий мерос) ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали бир неча рукнлардан иборат бўлиб, унда Фарғона водийсининг энг қадимги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган ижтимоий – иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётига оид янги илмий маълумотлар чоп этилади.
Журнал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси раёсатининг 2017 йил 29 мартдаги 239/5- сонли қарори билан тарих фанлари бўйича диссертациялари натижалари юзасидан илмий мақолалар эълон қилиниши лозим бўлган нашрлар рўйхатига киритилган.
Мақолаларни расмийлаштириш талаблари:
-
Мақолаларнинг ҳажми 10-12 саҳифадан ошмаслиги зарур.
-
Ўнг юқори бурчакда биринчи қаторда маърузачининг исми шарифи, илмий унвони (курсивда, 10 кегель катталигидаги шрифт, 1 интервал), иккинчи қаторда ташкилот, лавозим, шаҳар ва мамлакат номи, учинчи қаторда мулоқот телефонлари жой коди билан электрон манзил кўрсатилади.
-
Мақоланинг сарлавҳаси катта ҳарфларда берилади
-
Мақолада сноскалар ҳар бир сахифанинг охирида кетма кетликда берилади. MS Office дастурининг MS WORD 97, 2003 муҳарририда, Times New Roman шрифти, 14 кегель катталиги, 1.5 интервалда бўлиши лозим.
-
Мақолалар қўлёзмаси қайтириб берилмайди.
Мақолалар таҳрир ҳайъати назоратидан ўтади. Журнал мақоми ва нашр этиш талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган мақолалар қабул қилинмайди. Чоп этилган мақолаларда билдирилган фикр – мулоҳазалар таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин. Келтирилган факт ва рақамларни аниқ ва холислиги учун муаллиф жавобгар ҳисобланади.
170100, O'zbekiston Respublikasi, Andijon shahar,Universitet ko'chasi 129-uyE-pochta: agsu_info@edu.uz, anddu@exat.uz Telefon/faks: 0 (374) 223 88 30Ishonch telefon: 0 (374) 223 88 14Transport: 75-yo'nalishdagi taksilar
ANDIJON DAVLAT UNIVERSITETI