Жорий 2023-йилнинг январ ойида Андижон давлат университети Математика кафедрасининг доценти, ф-м.ф.н. Соҳибжон Акбарович Ахмедов муборак 70 ёшни қарши олдилар. Ушбу қутлуғ ёш билан Устозни муборакбод этамиз.
Ахмедов Соҳибжон Акбарович Андижон тумани, Хакан қишлоғи Қоратут маҳалласида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1970 йилда Андижон туманининг 44- ўрта мактабини Олтин медал билан тугатиб, 1970-75 йиллари ТошДУ (УзМУ) нинг Математика факультетини “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” ихтисослиги бўйича тугатган.
Иш фаолиятини Андижон шаҳридаги 13-ўрта мактабда математика ўқитувчиси сифатида (1975-76) бошлаган. Сўнгра (1976-77) Андижон давлат Педагогика институти Математик анализ кафедрасининг катта лаборанти, 1977-81 йилларда Москва давлат университети “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” кафедрасининг стажер-тадқиқотчиси ва аспиранти бўлган.
Академик А.Н.Колмогоровнинг шогирди И.Г.Журбенко раҳбарлигида “Суст боғланган тасодифий жараёнлар учун лимит теоремаларни аниқлаштириш” мавсусида илмий ишларини бажарган ва 1983 йилда шу университетда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бажарган ишлари Республика миқёсида тақдирланиб 1985 йилда “Республика Ёшлар иттифоқи лауреати” (Ўша пайтда “Ленин комсомоли” мукофоти ) соҳиби бўлган. Сўнгра бу ишларини ёш ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда давом эттириб “Сув омборларининг атроф муҳитга таъсири”, ”Технологик, педагогик ва психологик жараёнларни статистик методлар билан бошқариш” муаммолари билан шуғулланмоқда. Ҳозирги кунда тўрт нафар докторантларга ва бир нафар стажёрга ҳамда магистрларга шу ишлар билан боғлиқ мавзуларда илмий раҳбарлик қилмоқда.
1981-90 йилларда вилоятдаги иқтидорли мактаб ўқувчиларини жамлаган “Кичик фанлар академияси”нинг президенти вазифасини бажарган. Бу жамиятда вилоятдаги энг сара ўқувчиларга тўгарак машғулотлари ва вилоят халқ таълими бошқармаси билан биргаликда турли экскурсиялар ташкил қилинган. Кучли ўқувчилар республикадаги шу каби гурухларга жалб қилинган. Бу ишларнинг давомини С.Ахмедов шу йилларда Математика кафедрасида иқтидорли талабалар билан ҳам амалга оширди ва яхши натижаларга эриша олди.
1981 йилдан ҳозирги кунгача Математика кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси ва доценти лавозимларида ишлаб келмоқда. Икки муддат факультетнинг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари, университет ички назорат инспектори лавозимларида ҳам фаолият юритган.
Аксарият домлалар фаолиятига разм солсак бир ёқлиликни кўрамиз. Албатта бу ҳам нормал ҳолат, агарки у жойида бўлса. Домланинг фаолияти эса серқирра. Юқорида таъкидлаганимиздек Домла биринчи навбатда азалдан фаол илмий излпнишлар олиб боради, бунга қатор докторантлар билан ишлаётганини мисол қилиб келтирдик. Иккинчидан ўқув ишларида ўта фидойи, бунга ички назорат бўлимида узоқ йиллардан бери ишлаб келаётганини айтдик. Кимнингдир дарсини таҳлил қилиш керак бўлса, дарров эсимизга Домла келади. Талабалар билан энг сифатли дарс берадиган домла ким деб қачон сўровнома ўтказсак доимо Аҳмедов домла бўлиб чиқади. Сифатли дегани дарс илмий асосланган, зарурий барча маълумотлар берилган, амалиётга татбиқ қилишга қаратилган, доскадан ёки тегишли замонавий воситалардан унумли фойдаланилган ва шулар билан баробар календар режага тўла мос келган ва ҳоказо ҳолда ўтади. Домла амалиёт, ҳаттоки тўгарак машғулотларини ҳам берилиб ўтади. Чунки, аксарият домлаларимиздан фарқли ўлароқ, тайин бир маош ваъда қилинмаса ҳам Домла тўгаракларни юритишни, яъни иқтидорли талабалар билан ишлашни ҳам ўзининг асосий фаолиятларидан бири деб билади. Домла бу соҳада бундан бир неча йиллар аввал Атоқли олим, азиз Устозимиз академик Нўмон Юнусович Сатимов билан биргаликда иқтидорли талабалар билан ишлаганларини бир неча бор завқланиб гапириб берган ва бу соҳани ҳам улуғ Устозлардан мерос деб билади. Бу соҳада ҳам Домла узоқ йиллардан бери зўр натижаларга эришиб, таълимга кўп самара келтирмоқда. Мисол учун бундан бир неча йиллар аввал Домланинг бевосита раҳбарлигида кафедрамизда ҳозирда самарали ишлаб келаётган доцент Ж.Алиеванинг Президент стипендианти бўлгани, ёки катта ўқитувчи З.Рустамованинг Улуғбек давлат стипендианти бўлганини, ёки узоқ эмас икки йил аввал хозирда УзМУ магистратурасида таҳсил олаётган Х.Абдусаломовнинг халқаро олимпиада совриндори бўлганини келтиришнинг ўзи етарли. Ҳозирда ҳам Домла кафедрамиз қошидаги “Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада” ўқув тўгарагини юргизиб келмоқда ва энг асосийси шу йўналишдаги ишларга кафедра ёшларини ҳам жалб қилиб, ўргатиб келмоқда.
Домла кафедранинг жамоат ишларида, маънавий-маърифий ва ижтимоий ишларида ҳам ўта фаолдир. Турли тадбирларнинг доимо энг асосий ташкилотчиларидан бири бўлиб келадилар.
Таълим сифати учун зарурий нимаики бўлса, шуни кафедрага жорий қилиш бўйича доим таклиф билан юради ва уни бажаришда ўзи ўрнак кўрсатади. Шунинг учун ҳам Домлани биз таълимнинг чинакам фидойиси деб ҳисоблаймиз.
Домла жуда ҳам тўғри сўз ва ҳалол инсон. Виждоннинг амри Домла учун қонун. Баъзан биз ҳамкасблар агар виждон одам қиёфасига кирса, кўриниши Соҳиб акамга ўхшаган бўлса керак деб кулишиб қўямиз. Бунга яқинда бўлган бир мисолни келтирамиз. Домла озгина бетоб бўлиб, бироз узоқроқ даволанишни режалаштирипти, шунда мени тўла ставкадан 0,25 ставкага туширсангиз деб кирипти. Биз йўқ Домла тўла ставкада тураверинг биз дарсларингизга қараб турамиз десак, йўқ мен ишламай ойлик олмайман ва ундан кейин бировнинг дарсини биров кўнгилдагидек ўтмайди ва талабаларнинг хақи бўлмиш дарслар барбод бўлади деб унамади. Ёки яна бир мисол, дарслари турли зарурий тадбирларга тўғри келиб қолиб ўтилмаса, у ҳолда Домла уни хеч қачон журналга ёзмайдилар.
Домланинг яна бир муҳим ҳислатларидан бири бу Домланинг оилага бўлган чуқур эътибори ва ҳурмати. Домланинг тўртала фарзанди ҳам олий маълумотли бўлиб, улардан икки нафари математика соҳаси бўйича фан номзодидирлар. Аслида хақиқий фидойи инсон ўзидан ошиб фарзандларини ҳам олим қилади.
Биз мана шундай фидойи инсон билан бир кафедрада ишлаётганимиздан фахрланган ҳолда Домлага узоқ умр тилаймиз ва таваллуд айёми билан чин юракдан табриклаймиз. Табаррук 70 ёшингиз муборак бўлсин Домла!
170100, O'zbekiston Respublikasi, Andijon shahar,Universitet ko'chasi 129-uyE-pochta: agsu_info@edu.uz, anddu@exat.uz Telefon/faks: 0 (374) 223 88 30Ishonch telefon: 0 (374) 223 88 14Transport: 75-yo'nalishdagi taksilar
ANDIJON DAVLAT UNIVERSITETI