Andijon Davlat
Universiteti
ОЛИЙ ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ҚЎШНИЧИЛИК ВА ҚАРДОШЛИК АНЪАНАЛАРИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА
2021-04-10    844

Ўзбек ва қирғиз халқлари қадимдан яқин қўшни сифатида оға-ини ва биродар бўлиб яшаб келганлар. Бу икки халқнинг тарихи, маданий ва диний қадриятлари, кўп урф-одатлари ва анъаналари муштарак ва ўхшаш. Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар ва ижтимоий иқтисодий тараққиёт ўз самарасини бермоқда. Айниқса, қўшничилик ва қардошлик анъаналари янада мустаҳкамланиб,  Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатларининг ҳар томонлама ўзаро янада яқинлашувида яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг сайи-ҳаракатлари билан чегараларнинг очилиши, маданий ва маърифий муносабатларнинг йўлга қўйилиши, олий таълим муассасалари ўртасидаги турли соҳалар бўйича халқаро тадбирларнинг амалга оширилиши ҳамкорлик ришталарининг янада мустаҳкамланаётганидан дарак беради.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг стратегик аҳамиятга эга эканининг яна бир исботи – икки давлат узунлиги 1378 километрлик умумий чегарага эга бўлиб, бугунги кунда чегаранинг катта қисми демаркация ва делимитация қилинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари ўртасидаги қардошлик алоқаларининг қадимийлиги шундан далолат берадики, Ўзбекистонда азалдан қирғиз миллатига мансуб аҳоли Ўзбекистон фуқароси сифатида яшаб келади. Худди шу ҳолатни Қирғизистон ҳудудида ҳам кузатиш мумкин.

Ўзбекистон қадимдан кўп миллатли, бағри кенг диёр сифатида  таърифлаб келинади. Бугунги кунда мамлакатимизда 300 000 дан ортиқ қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Шулардан 102 517 нафари  (2019 йил) Андижон вилоятида (Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши, Марҳамат, Пахтаобод туманларида ва Қорасув, Хонобод шаҳарларида) яшаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир xил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шаxси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”,  – деб кўрсатиб ўтилган. Мамлакатимиздаги қирғиз миллатига мансуб аҳоли ҳам Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакиллари каби тенглар ичра тенг бўлиб, сиёсий-иқтисодий-ижтимоий-маданий соҳаларнинг ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Андижон вилоятида дарслар қирғиз тилида олиб бориладиган 23 та мактаб бўлиб, уларда 20 597 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, вилоятимизда республикада ягона қирғиз тилида ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат мавжуд. Мактаблар зарурий дарслик ва ўқув адабиётлари, кўргазмали воситалар ва бошқа зарурий ўқув ашёлари билан таъминланган. 

Ўзбекистондаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 49 та умумтаълим мактабларини  қирғиз тили ва адабиёти фани бўйича ўқитувчи-кадрлар билан таъминлаш мақсадида Андижон давлат университети филология факультети қошида қирғиз тили ва адабиёти                    (5111300 - Она тили ва адабиёти (Қирғиз тили ва адабиёти) таълим йўналиши фаолияти йўлга қўйилди ва  ҳозирга қадар қирғиз мактаблари учун 200 га яқин қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчилари тайёрланди.  Университетни битирган мутахассислар Андижон вилоятидан ташқари Наманган, Фарғона, Тошкент, Жиззах вилоятларидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларида ҳам фаолият кўрсатмоқдалар.

Андижон давлат университети Қирғиз тили ва адабиёти таълим йўналишида ўқув машғулотларини олиб бориш учун 7 нафар профессор-ўқитувчилар мутахассислик фанларидан дарс ўтмоқдалар. Шунингдек, Ўш давлат университетидан  доцентлар М.Ж.Қўшиева, Д.А.Изабеқова, Т.Р.Қолдошовлар маъруза машғулотларини олиб бориш учун ташриф буюриб турадилар.

Андижон  давлат университетининг рус филологияси кафедраси таркибида фаолият кўрсатаётган қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиларидан 1 нафари филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, уч нафари катта ўқитувчи, қолганлари ассистент лавозимида иш олиб бормоқдалар. Доцент Маҳбубахон Темирова илмий фаолиятини давом эттириб, фан доктори даражаси учун илмий тадқиқот билан шуғулланмоқда.  Яна икки нафар ўқитувчилар докторантурада таҳсил олиб, илмий ишларини якунлаш арафасида турибдилар. Қирғиз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича магистратура очилган бўлиб, 11 нафар магистрант соҳалар бўйича ўз билимларини ошириб, илмий тадқиқот билан шуғулланмоқдалар.

Андижон давлат университети Қирғиз тили ва адабиёти йўналиши бўйича умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасалари учун ўқитувчилар тайёрловчи ягона ОТМ бўлгани сабабли республика мактаблари учун “Эне тили” (4-синф), “Окуу китеби” (4-синф), “Кыргыз тили” (5-синф) (“Она тили”), “Адабият” (7, 11-синфлар учун), “Кыргыз тили” (10, 11-синфлар учун) фанлари бўйича дарсликларни кафедра ўқитувчилари доцент Маҳбуба Темирова, Соҳиба Тўйчибоевалар тайёрлашган ва нашр эттиришган. Шунингдек, кафедра ўқитувчилари томонидан 10 га яқин ўқув-услубий қўлланмалар яратилган.

Ҳозирда  қирғиз тили ва адабиёти таълим йўналишида 63 нафар талаба сабоқ олмоқда. Улар вилоят, республика миқёсидаги миллий маданий марказлар тадбирларида, баналмилал йўналишдаги фестивал ва форумларда мунтазам иштирок этиб келадилар ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлмоқдалар.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қирғизлар учун Ўзбекитон она ватан саналар экан, ушбу маконда барча халқлар ва элатлар эмин-эркин яшаб, ўқиб, ишлаб фаровон ҳаёт кечиришлари шубҳасиз.

Меҳринса Сулайманова,

Андижон Давлат Университети докторанти


MANZILIMIZ
170100, O'zbekiston Respublikasi, Andijon shahar,
Universitet ko'chasi 129-uy
E-pochta: agsu_info@edu.uz, anddu@exat.uz
Telefon/faks: 0 (374) 223 88 30
Ishonch telefon: 0 (374) 223 88 14
Transport: 75-yo'nalishdagi taksilar
BIZ IJTIMOIY TARMOQLARDA
© Andijon davlat universiteti, 2004-2024. Barcha huquqlar himoyalangan.